Ўзбекистонда крипто-дўкон фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди — Бизга қўшилинг: ???? https://t.me/joinchat/AAAAADwt0NGCRoONT4f1_Q
Крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар қилинди. Қайд этилишича, мазкур қоидалар крипто-дўкон фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди. Крипто-дўкон ўз фаолиятини крипто-дўконнинг электрон платформаси ёки савдо объекти орқали амалга оширади. Крипто-дўконда қуйидаги операциялар амалга оширилади. Крипто-дўконнинг электрон платформаси орқали: - жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни миллий валютада сотиб олиш ёки сотиш; - чет эллик жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни хорижий валютада сотиб олиш ёки сотиш; Крипто-дўконнинг савдо объекти орқали: - жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни миллий валютада сотиб олиш; - мижозлар томонидан крипто-активларни нақд пул кўринишида миллий ёки хорижий валютада сотиб олиш; - мижозлар томонидан крипто-активларни фақат миллий валютада сотиш. Крипто-дўконда қуйидаги операцияларни амалга ошириш тақиқланади: - мажбурий идентификациядан ўтказилмаган мижозлар билан амалга ошириладиган операциялар; - Ўзбекистон резидентлари томонидан чиқарилган крипто-активлар билан операциялар; - аноним крипто-активлар ҳамда ўзаро ўзгармас токенларни сотиб олиш ёки сотиш операциялари.