Мирзиёев Тошкентда ЕХҲТ бош котиби Хельга Шмид билан учрашди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Хельга Шмид билан музокара ўтказди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, музокара чоғида ЕХҲТ билан иқтисодий-экологик, сиёсий ва гуманитар йўналишларнинг барчасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
“Суҳбат давомида ЕХҲТ тузилмаларининг эксперт кўмаги, айниқса Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни давом эттириш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалаларида муҳим ўрин тутиши таъкидланди”, дейилган хабарномада.
Музокара пайтида иқтисодиёт ва экология йўналишларидаги ҳамкорликни кучайтириш, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, кичик бизнес ва экология соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилган.
Минтақавий ва халқаро хавфсизликнинг долзарб муаммолари муҳокамаси чоғида эса Ўзбекистонга қўшни бўлган Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилган ҳамда афғон халқининг муҳим гуманитар эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинган.