Бобир Абдихолиқов: "Европанинг кучлироқ чемпионатида тўп тепиш ниятидаман" — Бизга қўшилинг: ???? https://t.me/joinchat/AAAAADwt0NGCRoONT4f1_Q
Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда "Энергетик-БГУ" ҳужумчиси Бобир Абдихолиқов Россияга қарши баҳс олдидан фикрлари билан ўртоқлашди. - Россия билан биринчи марта ўйнаяпмиз. Ўзига хос тарихий учрашув бўлади. Бу борада нима дея оласиз? - Худо хоҳласа, эртага ғалаба учун майдонга тушамиз. Халқимизни хурсанд қилиш ниятидамиз. - Терма жамоа йиғинидан кейинги режалар қанақа? - Йиғин якунлангач, яна Беларусга қайтишим керак. БАТЭ билан Кубок доирасидаги ўйинимиз бор. Ўша ўйиндан сўнг дам олишга чиқамиз. Озгина дам олиб, кейин бир қарорга келамиз. - Польша ва яна турли Европа клубларидан таклифлар борлигини эшитдик... - Ҳа, таклифлар бор. Худо хоҳласа, чемпионат ўйинларини тугатиб, шошмасдан бир қарорга келамиз. - Клуб раҳбарияти ва менежерлар ҳал этишадими ёки барибир сиздан ҳам сўрашадими? - Охирги сўзни мен айтаман. Хоҳишимга қараб, йўл тутилади. - Ўзингизга қолса, қайси вариантни танлаган бўлардингиз? - Европанинг кучлироқ чемпионатида тўп тепиш ниятидаман. - "Энергетик-БГУ" клуби вакиллари қандай фикрда? - Улар кучлироқ чемпионатга йўл олишимни исташади.