ЎРВИ: Болаларда касаллик қайталанмаслиги учун қандай тавсияларга амал қилиш лозим?
Одатда, куз-қиш мавсумига хос касалликлардан кўпроқ болалар азият чекади. Хусусан, ўткир респиратор вирусли инфекцияларни юқтириш ҳолатлари ҳам кичкинтойларда 4-5 баробар кўпроқ учраши бежиз эмас. Чунки ўғил-қизларда иммунитет катталарга нисбатан заифроқ шаклланган бўлади.
Энг ёмони, энди хасталикдан тузалган болажонларнинг қайтадан шамоллаб, яна тўшакка михланиб қолиши уларнинг ўзини ҳам, ота-оналарини ҳам ҳолдан тойдириши табиий.
Хўш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қандай тавсияларга амал қилиш лозим?
— Ўткир респиратор касалликларни чақирувчи вирусларнинг 200 дан зиёд тури аниқланган, — дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Динара Дўстмуҳаммедова. — Шулардан аденовирус, грипп А болалар орасида, айниқса кўп учрайди.
– Хасталик бир тоифа ўғил-қизларда шунчаки тумов, бошқаларда пастки нафас йўллари яллиғланиши, яна баъзиларда эса йўтал, ҳарорат кўтарилиши каби белгилар билан кечади.
– Оқибатда иммунитети заиф ўғил-қизларда касаллик оғир асоратлар қолдириш хавфи ҳам мавжуд. Масалан, вирус юқори нафас йўллари орқали юқиб, бронхит касаллигига олиб келиши мумкин.
– Буйрак, юрак фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор. Энг ёмони, вирусли инфекциялардан сўнг менингит ва менингоэнцефалит касалликлари шаклланиши ва ривожланиши мумкин.
– Шу боис, профилактик чоралар муҳим. Ҳаммаси, аввало, соғлом турмуш тарзи билан боғлиқ. Бола тўғри овқатланиши, ўз вақтида ухлаши, жисмоний чиниқиши лозим. Шундагина иммунитет мустаҳкамланади.
-Масалан, 1 ёшгача бўлган болалар ўзлари мустақил равишда жисмоний машқларни бажара олмайди. Демак, ота-оналари, тарбияловчилари уларни чиниқтириши зарур. Турли уқалаш муолажалари ҳам бу жараёнда жуда фойдали. Боланинг танасида қон айланиш тизими фаолияти яхшиланади.
– Жажжи беморлар муолажаси давомли парваришни талаб қилади. Лекин баъзи ота-оналар фарзанди шифохонадан чиқиши билан уни боғчага, мактабга жўнатишади. Аҳоли гавжум жойларга, меҳмонга олиб боришади. Ваҳоланки, бундай пайтда ҳали организм тўлиқ тикланмаган бўлади.
-Оқибатда аввалгидай қувватга кириб улгурмаган бола ташқи муҳитда янги вирусга дуч келиб, қайтадан касалланиб қолиши мумкин. Шундай экан, ўғил-қизларнинг хасталикни енгил даражада ўтказишида ота-оналари, яқинлари кўмаги ниҳоятда зарур. Бундай пайтда янада эътиборли бўлиш талаб этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.