Индонезиядаги зилзила қурбонлари сони 268 кишига етди
Индонезиянинг Ғарбий Ява вилоятидаги Чианжур шаҳрида 20 ноябрда юз берган зилзила оқибатида қурбон бўлганлар сони 268 кишига етди, деб хабар берди Associated Press.
Уйлар вайрон бўлиши оқибатида жароҳатланган мингдан ортиқ киши Чианжур атрофидаги шаҳарлар касалхоналарига ётқизилди. Чианжурнинг ўзида касалхоналар жароҳатланганларга тўлиб кетди, кўпчилик тиббий ёрдам кўрсатилишини кўчаларга тикилган чодирларда кутмоқда.
Вайрон бўлган шаҳарни Индонезия президенти Жоко Видодо келиб кўрди. У ҳукумат яқин орада инфраструктурани қайта тиклашга эришишини билдирди. Унга кўра, ҳукумат зилзиладан уйи зарар кўрган ҳар бир кишига 50 миллион рупий (3180 доллар)гача молиявий кўмак кўрсатишини таъкидлади.
Зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 5,6 бални ташкил қилган. Шаҳар аҳолисининг 14 мингга яқини уйсиз қолди ва ҳозирда жабрланганлар ҳамда қочқинлар лагерларида яшамоқда.
Февралда Индонезиянинг Ғарбий Суматра вилоятидаги 6,2 балли зилзилада 25 киши ҳалок бўлган ва 500 киши жароҳатланган эди. 2021 йил январида Ғарбий Сулавези вилоятида ҳам 6,2 балли зилзила юз берган ва юздан ортиқ киши ўлган, 6,5 минг киши турли даражадаги жароҳатларни олганди.