Бразилия пенальтилар сериясида Хорватияга мағлуб бўлиб, турнирни тарк этди
«Education City Stadium»да ўтган учрашувда кўпчилик бразилияликларнинг устунлигини кутган бўлса-да, хорватлар тенгма-тенг ўйин намойиш эта олишди. Учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмагач, жамоалар экстра-таймларга ўтишди.
Ниҳоят, 105+1-дақиқага келиб Неймар ажойиб ҳужумни чиройли тарзда якунлаб, стадионни ларзага келтирди – 1:0. Қайд этиш жоиз, бу гол билан Неймар миллий жамоадаги голлари сони бўйича Пелега тенглашиб олди – 77та.
Аммо 117-дақиқага келиб Петкович хорватларнинг жавоб голига муаллифлик қилиб, жамоаларни пенальтилар сериясига таклиф этди – 1:1.
Пенальтилар сериясида эса Ливакович яна қаҳрамонга айланди. У Родригонинг зарбасини қайтарди, сўнгги зарбада эса Маркиньос дарвоза устунини нишонга олди.
Шу тариқа, Хорватия ЖЧ-2022нинг дастлабки яримфиналчисига айланди. Улар аввалги босқичда ҳам пенальтилар сериясида японлардан устун келишганди.
ЖЧ-2022. 1/4 финал. 9 декабрь
Хорватия – Бразилия 1:1. Пенальтилар серияси: 4:2
Голлар: 0:1 – 105 Неймар, 1:1 – 116 Петкович.
Хорватия – Ливакович, Юранович, Ловрен, Гвардиол, Соса (Будимир, 110), Модрич, Ковачич (Маер, 105), Брозович (Оршич, 114), Перишич, Пашалич (Влашич, 72), Крамарич (Петкович, 72).
Бразилия – Алиссон, Милитао (Алекс Сандро, 105), Тиаго Силва, Маркиньос, Данило, Каземиро, Лукас Пакета (Фред, 105), Неймар, Ришарлисон (Педро, 84), Рафинья (Антони, 56), Винисиус Жуниор (Родриго, 64).
Огоҳлантиришлар: Данило (25), Брозович (31), Каземиро (68), Маркиньос (77), Петкович (117).