Абант кўли табиат парки – Болу
Туркиянинг туристик жойларга бой эканлиги аллақачон ўз исботини топган. Сиз билган Марям она ибодатхонаси, Кападокя ёки Анталия вилоятининг кўзга кўринган пляжларидан ташқари 81 та вилоятга бўлинган Туркияда бошқа сиз баҳраманд бўлишингиз мумкин бўлган кўплаб туристик масканлар бор. Улардан бири эса мўжаз Болу вилоятида жойлашган кўл ва ўрмонларни ўзида мужассам қилган “камтаргина” Абант кўли табиат боғидир. Келинг, ушбу кўркам туризм гўшаси билан яқиндан танишамиз.
Абант кўли Болу вилоятидан 34 километр жануби-ғарбда Абант тоғларида ҳосил бўлган кратер ва сув омбори кўлидир. Парк ҳудудида баландлиги 1400 метрдан 1700 метргача бўлган кўплаб тепаликлар мавжуд. Абант кўли йилнинг ҳар ойида ўзига хос мафтункор гўзаллигини сақлаб туради. Абант жуда машҳур дам олиш маркази бўлиб, у ҳар куни диққатга сазовор жойларни томоша қилиш ва бу ерда кемпинг учун келган туристлар учун очиқдир. Кўлнинг майдони 127 гектарни ва денгиздан баландлиги 1328 метрни ташкил қилади. У ер ости сувлари билан озиқланади. Унинг чуқурлиги эса 18 метр. Абант кўли ва унинг атрофи ўсимликларга бойлиги ҳамда очиқ ҳавода дам олиш имкониятлари туфайли 1988 йилда 1196,5 гектар ҳудуд “Табиат боғи” сифатида муҳофазага олинган. Абант кўли турли хил ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига жуда бой. Қарағай, олха, эман, терак, кул, қайин, тол, арча, тамариск, финдиқ, медлар, ромашка, дўлана, гулхан, атиргул, папоротник, қорақарағай, қулупнай, ялпиз, малина, печак, қичитқи ўти, от думи ўтлоқ ўтлари эса асосий дарахт ва буталарни ташкил қилади. Абант кўлининг четлари турли хил сув ўсимликлари ва сув замбаклари билан тўла.
Кичик тароқли саламандра, Абант гулмохи балиғи ва Абант финдиқ сичқони каби ноёб ҳайвонот дунёси намоёндалари бу ерда учрайди ва эндемик турлар ҳисобланади. Балиқ овлаш ишқибозлари йилнинг маълум вақтларида белгиланадиган тўлов эвазига қармоқ билан балиқ овлашлари мумкин. Кўл бўйларида сув қундузини ҳам учратиш мумкин. Кўл атрофидаги ўрмонларда тулки, шоқол, бўри, айиқ, тўнғиз, буғу, элик, қуён, олмахон, юмронқозиқ каби ёввойи ҳайвонлар: сув қушларидан, ёввойи ғозлар, ёввойи ўрдаклар, турна, йиртқичлардан эса – лочин, қора гриф, қоя бургути, калхат, бойқуш, шунингдек бошқа қуш турларидан: ларк, алабак, қора лочин, қоратовуқ, булбул ва испиноз каби жонзотларни кўришингиз мумкин.
Бу ерда қандай туристик машғулотлар қилишингиз мумкин?
Майдони 7 км бўлган ва йилнинг ҳар ойи турли хил гўзал манзараларга эга Абант кўлида амалга оширилиши мумкин бўлган машғулотлар орасида Абант табиат боғига кираверишда ташриф буюрувчилар учун бепул маълумот маркази хизмати мавжуд бўлиб, табиат музейига ташриф буюриш, кўл атрофида пикник, кемпинг, балиқ овлаш, велосипедда сайр қилиш, ва отда сайр қилишингиз ҳамда Чепни платосида парапланда учиш каби ҳаяжон улашувчи машғулотларни санаб ўтиш мумкин.
Бу ерга ташриф буюрганда нима ейиш керак? Эсдалик хадялар борми?
Ушбу табиат боғидаги савдо йўлакларида вилоятда ишлаб чиқарилган сувенирлар ва маҳаллий ошхонага оид Ўрман кабоби, Яйла шўрваси, Экмек оши, Ҳўшмерим ширинлиги ва Каравул шарбати каби машҳур таомлар сотилмоқда. 22 километрлик Абант йўлида фақатгина бу кўлда топиладиган гулмохи балиғи пишириладиган ресторанлар, сужукли (колбаса тури) нон шохобчалари бор.
Бу ерга қандай ташриф буюришингиз ва қаерда қолишингиз мумкин?
Авваламбор, бу шаҳарга самолётда Истанбул шаҳридан Болуга доимий сафарлар мавжуд бўлиб, шунингдек шаҳарлараро автобус қатновлари ҳам йўлга қўйилган. Болу ва Абант кўли атрофида 2 та 5 юлдузли турар жой, «bungalov» типидаги уйлар, лагер ва сайр қилиш жойлари ҳамда ресторанлар мавжуд. Абант йўлида мотеллар ва пансионатлар ҳам бор. Бу ердаги кемпинг учун махсус майдончаларда маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар чодирлар қуриб, ҳам пул тежашади, ҳамда Абантнинг табиий манзарасидан баҳраманд бўлишади.