Туркиянинг учувчисиз самолёти илк парвозини амалга оширди
Туркиянинг “Байкар” компанияси томонидан ишлаб чиқилган “Қизил олма” (“Kızılelma”) учувчисиз ҳарбий самолёти илк парвозини амалга оширди, деб ёзмоқда Azon.uz нашри.
Қизил олманинг парвози тасвирлари Байкар бошқаруви раҳбари Селжук Байрактар томонидан Тwitter’да тарқатилди.
“Биз [уни] энди ерда ушлаб туролмадик ва у учиб кетди. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин…”, — деб ёзади Байрактар видео остида.
Биринчи турк учувчисиз самолёти қисқа учиш-қўниш йўлакларидан фойдаланиши мумкин бўлган тарзда ишлаб чиқилган, жумладан, Туркия денгиз флотининг Онадўли ҳарбий кемасиша қўнишга мўлжалланган.
Самолётни ишлаб чиқиш Байкар фирмасининг учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) соҳасидаги 20 йиллик тажрибасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Самолётнинг илк кўргазмали парвози 2023 йилга мўлжалланган, ўшанда Туркия республиканинг 100 йиллигини кенг нишонлайди.
Маълумот учун: Қизил олма – турбофан двигатели ва яширин хусусиятларига эга бўлган учувчисиз қирувчи самолёт.
Техник таснифи:
Экипаж: Йўқ
Узунлиги: 14,7 метр
Баландлиги: 3,3 метр
Қанот кенглиги: 10 метр
Қанот майдони: номаълум
Максимал учиш оғирлиги: 6 000 килограмм
Юк кўтариш қобилияти: 1 500 килограмм
Максимал тезлик: 1100 км/соат
Жанг радиуси: 930 км
Ишлаш баландлиги: 11 000 м
Максимал баландлик: 14 000 м
Учиш вақти: 5 соат