Франция – Марокаш матчидан сўнг Парижда тартибсизликлар бошланиб кетди
Парижда 15 декабрга ўтар кечаси Франция ва Марокаш ўйинидан сўнг футбол фанатлари тартибсизликларни уюштирди. Марокаш 1956 йилгача Франциянинг мустамлакаси бўлган ва Францияда кўплаб марокашликлар истиқомат қилади.
Қатарда ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Франция Марокашни ютганидан сўнг парижлик ишқибозлар ўз жамоаси ғалабасини нишонлаш, марокашликлар эса мағлубият аламини босиш учун кўчаларга чиқишди.
Шу аснода Франция ва Марокаш футбол жамоалари ишқибозлари ўртасида тўқнашувлар бўлди. Париж марказидаги дўконларнинг эгалари футбол матчи натижаси қандай бўлишидан қатъий назар тўқнашувлар юз беришини билган ҳолда савдо шохобчаларини ёпиб, витриналарни зирхли темир пардалар билан тўсиб қўйишган эди.
Парижнинг асосий проспекти ҳисобланган Елисей далаларига юзлаб полиция машиналари ва махсус техника олиб келинди. Франция бўйлаб 10 минг полициячи қўшимча куч сифатида жалб қилинди. Париждан ташқари Ницца,Лион ва Брюсселда ҳам футбол фанатлари тартибсизлик уюштираётгани тўғрисида хабарлар бор.
Франция терма жамоаси 14 декабрь куни кечқурун Марокаш жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу билан Франция жаҳон чемпионатининг финалига чиқди. Франция 18 декабрда Аргентина билан ўйнайди.
Марокаш жамоаси 17 декабрда Португалия билан учинчи ўрин учун курашади. Африка жамоаси жаҳон чемпионатида илк маротаба бундай муваффақиятга эришмоқда.