“Россияда ишлаётган эрига жаҳл қилиб…” Боласини аёвсиз калтаклаган ургутлик аёл бўйича тафсилотлар маълум қилинди
Аввалроқ ургутлик аёл ёш боласини аёвсиз калтаклаётгани видеоси тарқалган эди. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълумот тақдим этди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 24 декабрь куни Ургут тумани Ватак маҳалласида яшовчи фуқаро Г.О. Россия Федерациясида ишлаш мақсадида кетган турмуш ўртоғи билан телефон орқали мулоқот қилиш жараёнида, ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчиликдан сўнг, турмуш ўртоғига жаҳл қилиб, ўзининг вояга етмаган фарзандини урган. Ҳолатни телефон аппаратида видеотасвирга олган ва видеони турмуш ўртоғига юбориб, вояга етмаган фарзандларини ўлдириш билан қўрқитган.
Хабарга кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан G.O.ga нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми ва 112-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жабрланувчининг аҳволи яхши бўлиб, шифокорлар кузатувида.
Жиноят иши вилоят ИИБ назоратига олинган, дейилади хабарда.