Афғонистонда аҳолининг ярми очликда яшамоқда
Афғонистонда озиқ-овқат тақчиллиги ортидан аҳолининг ярми очликда яшаётгани тўғрисида Жаҳон озиқ-овқат дастури маълум қилди. 2021 йилнинг августида Толибон Кобулда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг халқаро ҳамжамият Афғонистонга ёрдамни тўхтатган ва миллионлаб афғон қашшоқлашган эди.
“Афғонистон халқининг ярми очликда яшамоқда, қорни тўйиб овқатланмаётганларнинг сони эса аввалгидан ҳам кўпайди”, деди халқаро ташкилот вакили Филипп Кропф.
Унга кўра, мамлакатда 7 миллион бола ота-онаси билан бирга қашшоқликда яшамоқда. 40 миллионга яқин аҳоли яшайдиган Афғонистонда ҳозирча очликдан ўлганлар тўғрисида маълумот мавжуд эмас. Гуманитар инқирозни бартараф этиш учун маблағ йўқ.
Ўн кун олдин Афғонистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги саккиз вилоятда қаттиқ совуқдан одамлар ўлгани ва 80 мингга яқин чорва нобуд бўлганини билдирди. Очарчиликни бошидан кечираётган мамлакатда ҳаво ҳарорати -34 даражага етди.