Эрон ҳукумати ҳарбий заводга қилинган ҳужум оқибатида “арзимас зарар” кўрилганини билдирди
Эрон ҳукумати Исфахондаги ҳарбий заводга дронлар орқали қилинган ҳужумдан “арзимас зарар” кўрилганини билдирди. Расман билдирилишича, ҳужумдан одамлар жабрланмаган.
Эрон Мудофаа вазирлиги учта дрондан иккитаси ҳаводан мудофаа тизими томонидан уриб туширилганини билдирди. Теҳрон бу ҳужумни “қўрқоқларча берилган зарба” деб баҳолади ва ядровий дастурни тўхтатмаслигини маълум қилди.
Эрон ҳукумати 29 январга ўтар кечаси уюштирилган дрон ҳужумларига қайси давлат алоқадор эканига оид таҳминларни билдирмади. Ҳозирча бирон бир ташкилот ёки давлат ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмади.
Эрон матбуоти шанба ва якшанба кунлари Теҳрон, Табриз ва Дазфулдаги стратегик объектларда ва нефтни қайта ишлаш заводларида портлашлар ҳамда ёнғинлар бўлганини ёзди. Бироқ Эрон ҳукумати Табриздаги нефтни қайта ишлаш заводида портлаш бўлганини расман тасдиқлади. Ҳукумат бу портлаш сабаблари ҳозирча номаълум эканини билдирди.