Францияда пенсия ислоҳотига қарши яна намойишлар бўлиб ўтди
Шанба куни Франция бўйлаб юз минглаб одамлар ҳукуматга пенсия ислоҳоти туфайли босим ўтказиш учун кўчаларга чиқди. Ислоҳотлар қаторида пенсия ёшини 62 дан 64 га ошириш ҳам бор, деб хабар беради Euronews.
Намойишчиларнинг олдинги сафида иш кунларида бўлиб ўтган аввалги акцияларда қатнаша олмаган ёшлар турибди.
Бу сафар намойишлар темирйўлчиларнинг иш ташлашлари билан бирга бўлмади, поездлар ва Париж метроси шанба куни одатдаги жадвал бўйича ишлади. Бироқ авиадиспетчерларнинг кутилмаган иш ташлаши пойтахтнинг иккинчи йирик аэропорти – Орлидаги рейсларнинг ярмига яқини бекор қилинишига олиб келди.
Шу ҳафта бошида француз қонунчилари пенсия ёшини ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича қизғин мунозараларни бошладилар.
Шанба кунги намойишлар тартибсизликларнинг авж олиши билан ажралиб турди. Полиция намойишчиларни кўздан ёш оқизувчи газ билан тарқатишга уринганида, Парижнинг марказий хиёбонида битта машина ва бир нечта ахлат қутилари ёқиб юборилган. Полиция саккиз кишининг ўқотар қурол сақлашдан тортиб вандализмгача бўлган жиноятлар учун ҳибсга олинганини эълон қилди.