Туркияда вайрон бўлган бинолар учун қўлга олинган масъуллар сони 113 нафарга етди
Туркияда зилзила оқибатида вайрон бўлган бинолар билан боғлиқ 62 кишини ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик.
Янги маълумотларга кўра, Туркиянинг 10 та провинциясида Адлия вазирлиги буйруғи билан зилзила билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлимлари очилди, дея хабар беради Аnadolu агентлиги.
Туркия вице-президенти Фуат Ўктайнинг маълум қилишича, зилзила оқибатида вайрон бўлган бинолар бўича 131 нафар гумондор шахс аниқланган, улардан бири ҳибсга олинган, яна 113 нафар кишини ҳибсга олиш учун ордер берилган.
Аввалроқ Туркия Табиий офатлар ва Фавқулодда вазиятлар агентлиги (АFAD) зилзиладан 80 278 киши жабр кўргани ҳақида хабар берган эди. Воқеа жойида камида 218 406 нафар қутқарувчи ишламоқда.
Ҳафта бошида Қаҳраманмараш провинциясида содир бўлган 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалар Адана, Адияман, Диёрбакир, Газиантеп, Ҳатай, Килис, Малатия, Усмония ва Шанлиурфа каби 10 та провинция билан қўшни Сурия ва Ливанда ҳам сезилди.
Бундан ташқари, мамлакат атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум 10 вилоятдаги 171 882 та бино текширилганини маълум қилди.
«Биз аниқладикки, 24 921 та бинодаги жами 120 940 та иншоот қулаган, зудлик билан бузишни талаб қилган ёки жиддий шикастланган», — деди М. Курум.
Бундан ташқари, 10 та провинциядаги 122 279 та бино жуда кам зарар кўрган ёки умуман шикастланмаган.