Қозоғистон Россиядаги савдо ваколатхонасини ёпди
Қозоғистон ҳукумати Россиядаги савдо ваколатхонасини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди.
«Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазирлигининг «Россия Федерациясидаги Қозоғистон Республикаси савдо ваколатхонаси» давлат муассасаси тугатилади», — дейилади ҳукумат қарорида.
Республика Савдо вазирлиги давлат органлари фаолиятини оптималлаштириш жараёни доирасида савдо идорасини ёпиш зарурлигини тушунтирган. Шу билан бирга, қўшимча қилинишича, бу қарор Россия билан икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга таъсир қилмайди. Бугунги кунда Қозоғистонда Россия иштирокидаги 8 мингга яқин компания ва 3348 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Мамлакатлар ўртасида ўзаро савдо вакилларини ташкил этиш тўғрисидаги битим 1992 йил октабр ойида имзоланган. Ваколатхона республика экспортёрлари ва дистрибюторларига Россия бозорига кириш ва ўзини ўрнатишда, хорижий инвестицияларни жалб қилишда, Россияда товарлар ва хизматларни илгари суришда ёрдам бериб келган.