Унутилмас яхшилик
Доктор Муҳаммад Ҳоний шундай дейди:
«Мен машинада ўтирганимда 16 ёшли йигит яқинлашиб
— Олд ойнани артиб бериш керакми?, деб сўради. “Ҳа”, дедим мен. У кўнглимдагидек тозалаб бергани учун мен унга 20 доллар бердим. Йигит пулни кўриб мени яна саволга тутди:
— Сиз Америкадан қайтаяпсизми?
Яна тасдиқ ишорасини қилдим. У:
— Шу берган долларингиз эвазига уларнинг университетлари тўғрисида айтиб бера оласизми? – деди.
У жуда одоб ва фасоҳат билан гапирардики, мен беихтиёр уни машинага таклиф қилдим. Мен унинг ёши билан қизиқдим. У 16 ёшда экани ва 11-синфни тугатганини айтди. Мен бунга ҳайрон бўлдим, чунки 11-синфни одатда 18 ёшда тугатишади-да. Йигит аъло баҳоларга ўқигани учун мактабни ҳам икки йил олдинроқ битирганини айтди.
— Хўш, нега бу ерда ишлаяпсан? — қизиқиб сўрадим мен. Унинг айтишича, отаси икки ёшида вафот этган, онаси бировнинг уйида ошпаз бўлиб ишлар, синглиси ва йигит шу ерда ишлар экан.
— Америка университетларида юқори натижаларга эришган энг яхши талабалар учун стипендиялар борлиги ҳақида эшитганман, — деди у.
— Сенга ёрдам берадиган одам борми?
— Йўқ, бу ерда шу иш билан машғулман, — деб жавоб берди.
— Кел, овқатланиб оламиз, — деб тамаддихонага бошладим.
Йигит машинанинг орқа ойнасини ҳам тозалаб, кейин киришини айтди. Ресторанда йигитча овқатини емай, елимхалтага солиб олди. Кейин билсам у овқатни онаси ва синглисига олиб бормоқчи экан. Мен унинг инглиз тилини мукаммал билишини ва ўз ишини астойдил, моҳирона бажаришини пайқадим.
Мен унинг ҳужжатларини сўрадим ва унга университетга кириш учун қўлимдан келганича ёрдам беришга ваъда бердим. Ярим йилдан кейин мен уни университетга қабул қилинишига эришдим. Унинг талаба бўлганини телефон орқали айтганимда трубканинг у томонидан қувонч йиғиси эшитилиб турар эди.
Икки йил ўтгач, “Нью-Йорк таймс” журналида унинг номини замонавий технологияларнинг энг ёш мутахассиси сифатида эълон қилишди. Унинг муваффақиятидан мен ва оилам ҳам жуда мамнун бўлдик. Хотиним унинг онаси ва синглиси учун виза олганини билмаган эдик. Йигит Америкада ҳузурида онаси ва синглисини кўргандан кейин у на гапира олди ва на йиғлай олди. Бир куни у ва унинг оиласи уйимизга келишди ва мен тўсатдан уни ташқарида менинг машинамни юваётганини кўриб қолдим.
Мен бориб унинг қўлидан тутиб, нима учун бу ишни қилаётганини сўрадим. У жавоб берди:
— Илгари ким эканлигим ва мен учун қилган ишларингизни ҳеч қачон унутмайман.
Фарид Абдул Али исмли бу фаластинлик йигит Америкадаги машҳур Гарвард университетининг энг иқтидорли профессорларидан бирига айланди.
Ёқуб Умар