Қозоғистонда собиқ мудофаа вазири 12 йилга қамалди
Қозоғистон собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда давлат ахборот агентликларининг ҳарбий суддан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишди.
Ҳарбий суд қайдича, Мурат Бектанов 2022 йил январь воқеаларидан кейин очилган Жиноят иши бўйича мамлакат Жиноят кодексининг 451-моддаси (“Ҳокимият ваколатларидан четга чиқиш”) 3-қисми билан судланган. Ҳукм Остонадаги жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро ҳарбий суд томонидан 24 февраль куни чиқарилган.
Собиқ вазир ишида махфийлик белгиси борлигини билдирган суд ишга оид батафсил маълумот берган эмас.
Бектанов иши ҳарбий судга оширилганига оид маълумот ўтган йилнинг октябрь ойида пайдо бўлган эди. У Қозоғистонда аксилҳукумат намойишлари бостирилганидан 8 кун ўтгач – 2022 йилнинг 19 январида мудофаа вазири лавозимидан озод қилинган. Мамлакатнинг қатор шаҳарларидаги норозилик чиқишлари тартибсизликларга айланиб кетиши ортидан ўшанда 200 дан зиёд киши қурбон бўлган эди.
Бектанов ўтган йилнинг февраль ойида ҳибсга олинган, унга ноқонуний буйруқлар берганлик, ҳарбий стратегик объектларни ҳимоясиз қолдирганлик ва бошқа айбловлар қўйилган.
Қозоғистондаги қонли воқеалар 2022 йилнинг январь ойида Манғистау вилоятида суюлтирилган газ нархининг кескин ошиши ортидан бошланиб, кейинчалик бошқа ҳудудларга тарқалган. Норозилик чиқишлари айрим шаҳарларда тартибсизлик ва талончиликка уланиб кетган. Олмаотада қуролли шахслар ҳокимият ва президент қароргоҳи биноларини эгаллаб олишган ва ўт қўйишган.
Расмийлар мазкур тартибсизликлар хориждаги “аллақандай” кучлар томонидан уюштирилганини айтиб, биноларга ҳужумларни террор хуружи деб аташган. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонда фавқулотда ҳолат тартибини эълон қилиб, Москва етакчилигидаги КХШТга ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилган ва бундай ёрдамни олишга муваффақ бўлган.
Қозоғистондаги тартибсизликларга алоқадорликда айбланиб бошқа бир неча юқори лавозимли амалдор ҳам ҳибсга олинган. Улар орасида собиқ президенти Нурсултон Назарбоевга яқин кўрилган Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов ҳам бор. Масимов норозилик намойишлари авжига чиққан пайтда ишдан олинган эди.
Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтган йилнинг декабрь ойида Январь воқеалари расмийлар томонидан бир томонлама юритилгани, мақтулларнинг оилалари ҳамда аввал жароҳат олган ва қийноққа солинган юзлаб одам адолатли суд қарорига эриша олмаганини билдирган. Қозоғистон расмийлари бундай хулоса асоссиз эканини иддао қилишган.