Косовонинг собиқ президенти Ҳаага судида ўзининг айбдор эмаслигини билдирди
Қисман тан олинган Косово республикасининг собиқ президенти Ҳошим Тачи собиқ Югославиядаги қуролли тўқнашув чоғида одам ўлдириш, қийноқ ва таъқибларда айбдор эмаслигини билдирди.
“Мен мутлақо айбсизман”, деди Тачи 3 апрель куни Ҳаагада бошланган Косоводаги ҳарбий жиноятлар тўғрисидаги иш бўйича маҳкама тингловида. Бошқа уч айбланувчи – Ёқуб Красничи, Қадри Весели ва Ражаб Салимий ҳам ўзларига қўйилаётган айблови тан олингани йўқ.
Тачи ва бу уч киши 1990-йиллар охирларида ҳарбий йўл билан Югославиядан мустақил бўлишга интилган косоволик албанларнинг ҳарбий бирлашмаси бўлмиш Косово озодлик армияси раҳбариятига кирган эдилар. Югославия армияси ва серб полициясининг исёнкор Косоводаги операциялари пайтида ёппасига инсон ҳуқуқлари бузилиши кузатилган. Тўқнашувлар чоғида асосан косоволик албанлардан иборат 13 мингга яқин киши ҳалок бўлган. Яна миллионга яқин албанни мамлакатни тарк этишга мажбур қилишган.
Прокурорлар собиқ айирмачилар ҳам ҳарбий жиноятлар учун жавобгар, деган фикрдалар. Улар ҳам 1998-1999 йилларда Косово ва шимолий Албаниядаги одам ўлдириш ва ноқонуний қўлга олишларда айбдор.
Прокурорга кўра, Косово озодлик армияси “сиёсий мухолифлар дохил коллаборационистлар ва муҳтамал хоинларни таъқиб қилиш бўйича аниқ ва ошкор сиёсат” юритган. “Ҳеч ким қонундан устун турмайди, ҳатто уруш пайтида ҳам”, дея қўшимча қилган у.
2020 йилнинг 5 ноябрида Ҳаага суди Тачига нисбатан инсонийликка қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятлар бўйича айбловларни тасдиқлаган эди. Сиёсатчи ўша куниёқ Косовода президентлик лавозимидан кетган ва ҳибсга олинган эди.
Якшанба, 2 апрель куни Косовода айбдорларни дастаклаш учун оммавий митинглар бўлиб ўтган. Норозилар Ҳаагадаги судни “адолатсиз” деб ҳисоблашади ва мазкур трибуналга Косово мустақиллиги учун кураш тарихини қайта ёзишга уриниш ўлароқ қарашмоқда.
Асосан этник албанлар яшайдиган Косово 2008 йили Сербиядан мустақиллигини эълон қилган. Турли маълумотларга кўра, унинг мустақиллигини АҚШ ва Европа Иттифоқидаги аксар давлатлар дохил дунёдаги 100 дан зиёд мамлакат тан олган, бироқ улар орасида Россия, Ҳиндистон ва Хитой каби давлатлар йўқ.
2023 йил февралида Сербия ва Косово лидерлари Европа Иттифоқи томонидан таклиф этилган “Муносабатларни нормаллаштириш йўли тўғрисида”ги битимни қўллаб-қувватлашган. Бироқ Белград расмий риторика даражасида Приштина мустақиллигини тан олиш имконияти йўқ эканини айтиб келади.