Ернинг яна битта табиий йўлдоши аниқланди
Астрономлар Ер орбитасида айланувчи ва аввал фанга маълум бўлмаган астероидни кашф қилишди. Олимларнинг айтишларича, уни Ер сайёрасининг янги йўлдоши деб аташ мумкин.
Астероидга 2023 FW13 дея ном берилган бўлиб, унинг диаметри 10-20 метрга тенг. Объект Гавайи оролларидан туриб “Pan-STARRS” телескоплар тармоғи ёрдамида кашф этилган.
Аниқланишича, астероид Ер билан 1:1 нисбатдаги тезликда айланади. У сайёра ёнига милоддан аввалги 100 йилда етиб келган ва прогнозларга кўра, бу ерда 3700-йилга қадар қолиши мумкин. Бу Ернинг вақтинчалик йўлдоши сифатида унинг орбитасида айланадиган астероидлар учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Олимлар астероид аслида Ер сайёрасининг эмас, Қуёшнинг атрофида айланаётган бўлиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтишган. Шу боисдан астрономлар 2023 FW13 астероидини кузатишда давом этади.