Арманистон ва Озарбайжон чегарасида яна отишма юз берди
Бу ҳақда икки давлат мудофаа вазирликлари хабар бермоқда
Кеча, 11 апрель куни Озарбайжон ва Арманистон чегарасида яна отишма юз берди.
Қайд этилишича, Озарбайжон томонининг уч нафар ҳарбий хизматчиси, Арманистон Мудофаа вазирлигининг эса тўрт нафар аскари ҳалок бўлган ва олти нафари яраланган. Улардан уч нафарининг аҳволи оғир.
Ҳар икки мамлакат қўшнисини биринчи бўлиб ўт очганликда айблаган. Ереваннинг иддао қилишича, арман ҳарбийлари Озарбайжоннинг Лочин шаҳри яқинидаги Тех қишлоғида (Арманистон ҳудуди) ўққа тутилган. Боку, ўз навбатида, Арманистон армиясини Лочин яқинидаги Озарбайжон позицияларини интенсив ўққа тутганликда айблади.
Арманистон Мудофаа вазирлиги отишма бўлган ҳудуддаги вазиятни “нисбатан барқарор” дея баҳолаган.