Помпео АҚШ президентлигига номзодини қўймайдиган бўлди
АҚШнинг собиқ давлат котиби Майк Помпео 2024 йилги сайловларда президентликка номзодини қўйиш ниятидан воз кечганини айтди. Бу ҳақда кеча, 14 апрель куни “Fox News” телеканали хабар берди.
Помпео бир неча ой давомида рафиқаси билан Республикачилар партиясидан номзод сифатида президентлик пойгасига киришиш ҳақида ўйлаётганини таъкидлаган. Бироқ улар сайловда қатнашмасликка қарор қилган.
“Мен қарор қабул қилдим. Биз 2024 йилги сайловлар пойгасига чиқмаймиз. Гарчи биз Америкадан, мен сўнгги бир ярим йил давомида гапирган масалалардан хавотирда бўлсак ҳам, ҳозир бизнинг вақтимиз эмас”, деган собиқ президент Дональд Трамп маъмуриятидаги Америка ташқи ишлар идорасининг собиқ раҳбари.
Шунингдек, Помпео Трампнинг сайловдаги иштироки унинг қарорига таъсир қилмаганини ҳам айтган.