Тошкентда йўловчи автобуси билан ЙТҲ содир этган Cobalt ҳайдовчиси вафот этди
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида йўловчи автобуси билан тўқнашган Cobalt ҳайдовчиси вафот этди. Бу ҳақда шаҳар ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, ҳолат 6 июнь куни соат 15:20 ларда Мирзо Улуғбек туманида Дўрмон йўли—Ғазалкент кўчалари кесишган чорраҳада содир бўлган. ЙТҲ натижасида Cobalt ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари натижасида тиббий муассасага олиб борилган.
Бироқ тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, Й.Ф. вафот этган. Шунингдек, Cobalt автомашинасининг 1 нафар йўловчиси ҳам олган тан жароҳатлари натижасида шифохонага ётқизилган, ҳозирда шифокорлар назоратида.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.