Ё "обод Туркманистон", ё қамоқхона. Туркманистон ҳукумати блогерларни огоҳлантирди
Туркман мулозимлари таниқли маҳаллий блогерларни тўплаб, уларга мамлакатни “бахтиёр ва гуллаб-яшнаётган ўлка” қиёфасида тасвирлаш вазифасини юклади. Шу билан бирга блогерларни жиддий огоҳлантиришди ҳам: Туркманистонни ёмонлаб контент тарқатиш тақиқланади ва бунинг учун қамалишлари мумкин.
Туркманистон авторитар ҳукумати ахборот оқимини ҳамиша қаттиқ жиловлаб келган: мамлакатда янгилик сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва хабар алмашиш иловалари кузатилади ва блоклаб турилади.
Бироқ кўплаб туркманлар интернетга қўйилган чекловларни четлаб ўтиш учун VPN ва бошқа воситалардан фойдаланишда давом этмоқда.
Ҳукумат эса аҳоли истеъмол қилаётган контент устидан назорат ўрнатиш мақсадида янги-янги чораларни қўллашга уринаётир.
Яқинда бир неча вилоятда давлат мулозимлари маҳаллий блогерлар ва жамоатчилик фикри етакчиларини йиғиб, уларга “бахтиёр ва гуллаб-яшнаётган Туркманистон мамлакати” образини тарғиб этишни буюришди.
Айрим блогерлар исмлари сир қолиши шарти билан Озодликка маълум қилишича, полиция уларни интернетда ҳукуматни танқид қилиш оқибатлари ҳақида огоҳлантириб, танқидий контент тарқатган одам қамалишини айтган.
Ҳатто бунақа контентга “лайк” босиш ёки изоҳ қолдириш ҳам ман қилинади ва бу “ҳукуматга қарши ҳаракат” сифатида баҳоланиши мумкин, дея огоҳлантирганлар.
Полицияга чақирилганлар – Instagram, TikTok va YouTube’да катта аудиторияга эга, ижтимоий тармоқлар орқали пул ишлайдиган ва турли мавзуларда ўз позициясини билдирадиган машҳур блогер ва инфлюенсерлар.
Уларга кўра, полиция “контент яратувчилар”дан Туркманистонни фақат ижобий қиёфада кўрсатадиган, масалан, бахтиёр болалар ёки шаҳарларда бўлаётган янги қурилишлар акс этган материалларни эълон қилишни талаб қилмоқда.
Давлат ОАВлари ва ҳукумат веб-сайтлари доимгидек, янги бозорлар, мактаб ва шифохоналар очилиши каби ижобий воқеаларни ёритади, ўз лавҳаларида янги хонадонга кўчиб ўтган бахтиёр оилаларни ёки ўрим-йиғим мавсуми бошланиши олдидан хайр-барака сўраб дуо қилаётган “пир-бадавлат” қарияларнигина кўрсатади.
Озодлик блогерларнинг даъволари юзасидан полиция ва бошқа расмийларга изоҳ сўраб мурожаат қилди, бироқ барча сўровлари жавобсиз қолдирилди.
Маҳаллий манбалар полициянинг блогерларга нисбатан сўнгги хатти-ҳаракатлари яқинда интернетда тарқалган видео билан боғлиқлигини айтишмоқда: роликда гўёки туркман полициячиси ҳайдовчини айблаб, ундан пора олиш мақсадида ўз погонини юлгани иддао қилинади.
Видео аввалида ёш полициячи жарима ёзганини ва йўл четида тўхтатилган автомобил ҳайдовчиси билан гаплашиб тургани акс этган. Сўнгра зобит, суратга олишаётганидан бехабар, ўнг елкасидаги погонни юлиб олиб, капот устига ташлайди ва буни ҳайдовчига тўнкайди.
“Сен ҳозиргина менинг погонимни юлиб олдинг, бу тақиқланган”, дейди у ҳайдовчига. Кейин эса ўткинчилар уни суратга олишаётганини кўриб, улардан “съёмка”ни тўхтатишни талаб қилади.
Полиция ходими ва ҳайдовчининг шахси аниқланмади, тасвир қаерда олингани ҳам номаълум. Ролик тармоқда 3 июнь куни пайдо бўлган эди. Автомобилнинг рақам белгиларига қараганда у Лебап вилоятида рўйхатга олинган.
Ҳукумат идоралари видео бўйича расмий изоҳ бермади.
Бу орада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мактаблар ва давлат муассасаларида кутилмаган рейдлар ўтказиб, талаба-ўқувчилар ва ходимларнинг мобил телефонларидан “ҳукуматга қарши” материалларни излашда давом этмоқда.
Туркман полицияси кўп ҳолларда талабалардан “тақиқланган сайтларга кириш учун VPN ва бошқа воситалардан фойдаланмайман”, деган мазмунда тилхат ёзиб беришни талаб қилади.
Яқинда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Туркманистонда 122 000 дан ортиқ веб-домен блоклаб қўйилган.
Туркманистон бир неча марта дунёдаги интернет тезлиги энг паст мамлакат ўлароқ тилга олинган.
Британиянинг Cable.co.uk ширкати дунё мамлакатларидаги кенг полосали интернет тезлигига оид ҳисоботида 2021 йилда Туркманистон ўртача секундига 0,50 мегабит тезлик билан 224 мамлакат орасида интернет энг суст ишлайдиган мамлакат деб топилганини маълум қилган эди.
Ҳисоботда Туркманистонда беш гигабайтли видеофайлни юклаб олишга 22 соату 34 дақиқа вақт керак бўлгани айтилади.