Мирзиёев Тоқаевга ўрмон ёнғинидаги қурбонлар муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Абай вилояти ҳудудида рўй берган ўрмон ёнғини оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва қозоқ халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 12 июнь куни икки давлат раҳбари ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасбига табиий офатга қарши курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этишда Ўзбекистон барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр экани таъкидлаган.
Қозоғистоннинг Абай вилоятида беш кундан буён ўрмон ёнғинлари тинмаяпти. “Семей ўрмони”да 60 минг гектар майдонни қоплаб олган ёнғинни ўчириш чоғида 12 киши ҳалок бўлган. Шу муносабат билан 12 июнь мамлакатда умуммиллий мотам куни деб эълон қилинган.
Аввалроқ президент Қасим-Жомарт Тоқаев ёнғин чоғида нобуд бўлган 14 нафар ўрмончини “Қурмет” ордени билан тақдирлашга оид фармонни имзолаган.
Қозоғистон Экология вазирлиги ҳалок бўлган ўрмончиларнинг исм-фамилияларини эълон қилган. Ўрмон хўжалиги қўмитаси эса уларнинг фотосуратларини ёйинлаб, марҳумларнинг яқинларига таъзия изҳор қилган.
Бу орада ўрмон ёнғини майдони 60 минг гектардан 43 минг гектарга қисқарган. Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипханов маълум қилган.
Мулозимга кўра, вазият назорат остида, бироқ ҳаво ҳарорати кўтарилиб кетгани ва шамол бўлаётгани туфайли ёнғин яна авж олиши мумкин.
“Бунга оид прогнозларимиз бор, яқин бир неча кун ичида биз ёнғинни ихоталаб, ўчиришимиз керак”, деган Шарипханов.
Абай вилояти ҳокимияти вакиллари қайдича, ўрмонга кимларнингдир қасддан ўт қўйган бўлиши ёнғиннинг муҳтамал сабабларидан бири сифатида кўрилмоқда. Айни пайтда маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ёнғиннинг эҳтимолий сабабларини ўрганиш билан шуғулланишяпти.