Майамидаги суд жараёни бошланиши арафасида Дональд Трамп бир муддат ҳибс қилинди
АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ва унинг собиқ ёрдамчиси Уолт Наут Майамида қисқа муддатга ҳибс қилинди. Майами судида 13 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 да Трампга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасидаги маҳкама бошланиши лозим эди. Трампнинг ҳибсга олиниши расмиятчилик бўлиб, унинг қўлига кишан урилмади. Суддан сўнг эса у ҳибсдан озод қилинди.
АҚШ Федерал суди 9 июнь куни Трампга махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш ва 2021 йилда президентликдан кетганидан сўнг одил судловга тўсқинлик қилиш юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида 37 та айбловни эълон қилган эди.
Собиқ президент ўзига билдирилган бирорта айбловни тан олмади ва 2024 йилда ўтадиган президентлик сайловида қатнашиш фикридан воз кечмаганини таъкидлади. Суд ёпиқ тарзда ўтказилди.
Трамп бир неча марта ўзига нисбатан билдирилган айбловларни президент Байден маъмурияти томонидан уюштирилаётган сиёсий таъқиб деб атаган.
Трампнинг суд билан боғлиқ муаммолари унинг республикачи сайловчилар орасидаги обрўсига путр еткизмади. Reuters/Ipsos ўтказган ижтимоий сўров Трампнинг рейтинги бошқа республикачи номзодларникидан юқори эканини кўрсатди. Республикачи сайловчиларнинг 81 фоизи эса Трамп сиёсий мотивлар асосида айбланмоқда, деб ҳисоблайди. Трамп АҚШда жиноий айблов илгари сурилган илк собиқ президентдир.