Сертификати бор оилавий шифокорларнинг ойлик иш ҳақи 2 карра оширилади
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев андижонлик сайловчилар билан учрашувда маълум қилди.
“Яна бир янги ташаббус. Энди, оилавий шифокорларни кафолатланган тиббий хизматлар бўйича қайта тайёрлаб, уларга малака сертификати берамиз. Сертификати бор шифокорларнинг ойлик иш ҳақи 2 карра оширилади.
Худди шу тартибни тиббиётнинг ҳақиқий фидойилари бўлган ҳамшираларимизга ҳам жорий қиламиз.
Тиббиёт ходимларига кўп йиллар ишлаганлик учун тўланадиган устамалар миқдори ҳам қайта кўриб чиқилиб, оширилади.
Тез тиббий ёрдам автомобиль парки келгуси етти йилда тўлиқ янгиланади ва уларнинг 50 фоизи электромобиллар билан тўлдирилади. Бу орқали, ёнилғининг ўзидан йилига 200 миллиард сўм тежалади ва ушбу маблағлар тез тиббий ёрдам хизматларини ривожлантиришга сарфланади”, – деди номзод.