Чилонзордаги портлашда жароҳат олганлар сони 16 кишига етди. Улардан 9 нафари касалхонада қолмоқда
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 14 июнь куни Чилонзор тумани “Астробод” кўчасида жойлашган мис қувурлари ишлаб чиқариш цехида газ портлаши оқибатида жароҳатланганлар сони 16 кишига етгани тўғрисида хабар берди.
Аввалроқ портлашда бир киши ҳалок бўлгани ва 14 киши турли даражада тан жароҳатлари олгани тўғрисида билдирганди.
Хабарда қайд этилишича, жароҳатланган 16 киши Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган. Улардан 7 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани учун касалхонадан чиқарилди. Қолган 9 киши касалхонада қолмоқда ва уларнинг аҳволи тўғрисида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ҳозирча расман маълумот бермади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги дастлабки маълумотида 6 киши жароҳатланганини билдирган эди. Портлаш оқибатида цехнинг 50 квадрат метр майдондаги томи қулаб тушган. Портлашга “технологик жараённинг бузилиши” сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти бошчилигида ёнғин-қутқарув экипажлари, прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Ҳудудгаз” ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари етиб борган.