Расман: Ўзбекистонда кунлик ва соатлик электр истеъмоли бўйича рекорд янгиланди
Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда 13 июнь куни кунлик ва соатлик электр истеъмоли бўйича рекорд янгилангани тўғрисида хабар берди.
Расман билдирилишича, 13 июнь куни Ўзбекистонда 231,7 млн кВт/соат электр қуввати истеъмол қилинди. “Бу миқдор июнь ойи учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бундан бир йил муқаддам худди шу куни 202 миллион кВт/соат электр энергияси ишлатилган бўлиб, ўсиш кўрсаткичи 14,7 фоизни ташкил қилмоқда”, дейилади билдирувда.
Вазирликнинг таъкидлашича, 14 июнь куни соат 11:00 га қадар соатлик эҳтиёж ҳажми 11 080 МВтни ташкил қилди. Бу эса 2022 йилнинг 14 июнига нисбатан 1600 МВт (15,4 фоиз) га кўпдир.
“Ушбу қувват деярли тўртта буғ-газ қурилмасининг ёки иккита “Тўрақўрғон” ИESнинг қувватига тенг. 14 июнда суткалик электр энергияси истеъмоли 238-239 миллион кВт/соатга етиши кутиляпти. Мазкур рақам 2022 йилнинг мос даврида қайд этилган истеъмол миқдоридан қарийб 30 миллион кВт/соат ёки 14,8 фоиз кўпдир”, деб билдирди вазирлик.
Расмий маълумотда айтилишича, 2022 йилнинг июлидаги “энг аномал иссиқ ҳароратли даврда ҳам максимал юклама 10 800 МВтдан, суткалик максимал истеъмол ҳажми эса 238,2 миллион кВт/соатдан ошмаган эди”.
Вазирлик бунинг натижасида электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламалар ортиши, тармоқда эса турли носозликлар келиб чиқишидан огоҳлантирди.
Аввалроқ Озодлик радиоси ёз мавсумида ҳам ҳудди қиш мавсумида бўлгани каби Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида электр таъминотида узилашлар бўлаётгани тўғрисида хабар қилган эди.