Андижонда чақмоқ уриши натижасида 17 яшар ўспирин нобуд бўлди
Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги далада 19 июнь куни 17 яшар ўспирин йигит ва 15 яшар қизни чақмоқ урган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.
Қайд этилишича, чақмоқ уриши натижасида, врачлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, ўспирин йигит вафот этган. Яшиндан жабрланган қиз эса шифохонада муолажа олмоқда.
Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, куйиш жароҳатлари олган қизнинг аҳволи айни пайтда яхшиланяпти. Даставвал Пахтаобод туман шифохонасига ётқизилган бемор кейинроқ Андижон шаҳридаги марказга кўчирилгани айтилмоқда.
Врачлар қизга чақмоқ алангасидан I- II- III А даражада боши, бўйни, танаси, иккала оёқнинг 8 фоизга куйиши ҳамда “психоэмоционал шок” ташхисини қўйишган.