Давлат байроғидан транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкин
Давлат байроғидан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни янада соддалаштириш, ундан қонунга қатъий риоя қилган ҳолда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида бир гуруҳ депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мажлисда қайд этилганидек, 2023 йилнинг 1-16 июнь кунлари жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ушбу қонун лойиҳаси бўйича 1,5 мингдан ортиқ муносабат ва таклифлар келиб тушди. Уларнинг 673 таси Қонунчилик палатасининг parliament.gov.uz сайтига, 530 таси regulation.gov.uz порталига, 154 таси fan@parliament.gov.uz электрон почтасига келиб тушган ҳамда 150 нафар ёшлар етакчилари томонидан жамоавий таклиф юборилган.
Қонун лойиҳаси билан Давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотиравий саналарни байрам қилишда ҳамда бошқа ҳолларда ҳам байроғимизга нисбатан ҳурматни таъминлаган ҳолда фойдаланилишга рухсат бериш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, давлат рамзига зарур ҳурмат билан муомала қилган ҳолда ундан ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкинлиги белгиланмоқда. Давлат органларининг рамзларида (байроқ, геральдик белги) ва уларнинг расмий веб-сайтларида Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан фойдаланишга ҳуқуқий асос ўрнатиш ҳамда Давлат байроғи тасвирини устки кийимга безатиш мақсадида акс эттириш имкониятини яратиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Давлат байроғи ва унинг тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикаси вакили бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан расмий халқаро тадбирларда фойдаланишга, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахслар томонидан кийим-кечак ва фарқловчи нишонларда қўллашда ҳамда халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлашда фойдаланишга рухсат бериш белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлинишига йўл қўйилмайдиган ҳоллар аниқ белгилаб берилмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши кундалик ҳаётимизда давлатимиз байроғидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради, ундан фахрланиш ҳиссини оширади.