Владимир Норов давлат хизматидан кетганини эълон қилди
Ўзбекистон мустақиллик бўлганидан бери икки марта ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Владимир Норов давлат хизматидан кетганини эълон қилди. Бу ҳақда собиқ дипломат Твиттердаги ўз саҳифаси орқали пост қолдирган.
“Давлат муассасалари ва хорижий дипломатик ваколатхоналарда 45 йиллик ишимдан сўнг мен истеъфога чиқишга қарор қилдим”, деб ёзган Норов мазкур қарорни қўллагани учун президент Мирзиёевга миннатдорлик билдирган.
Владимир Норов ўтган йил сўнгида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимидан озод қилингани ортидан Марказий Осиё халқаро институти директори этиб тайинланган ва шу кунгача мазкур лавозимда ишлаб келаётган эди.
Собиқ вазир давлат хизматидан кетганига қарамай, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини кўтариш ҳамда ўз мамлакати ва Марказий Осиё иқтисодиётига сармоя ва инновацион технологияларни жалб қилиш йўлида фаолият юритишда давом этишини, шу мақсадда Silk Road Advisory консалтинг ширкатини ташкил қилганини қайд этган.
Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида Ташқи ишлар вазирлигини 4 йилдан кўпроқ бошқарган Владимир Норов Шавкат Мирзиёев президентлиги чоғида ТИВга бор-йўғи 8 ой раҳбарлик қилган эди. Бу муддат ичида у тўрт ой мобайнида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи бўлиб турган, 2022 йилнинг 9 сентябрь куни ташқи ишлар вазири лавозимига расман тайинланганидан кейин эса Норов бош дипломатлик лавозимида 3 ою 20 кун ишлаган.