Париж марказида содир бўлган портлаш натижасида тураржой биноси қулаб тушди
Париж марказидаги уйнинг қисман қулаши ортидан камида 29 киши жароҳат олган, улардан етти нафарининг аҳволи оғир. Бу ҳақда Франция нашрлари хабар қилишди.
Дастлабки маълумотларга кўра, пойтахтнинг бешинчи округида жойлашган Сен-Жак кўчасидаги уйлардан бирида 21 июнь куни газ портлаган. Портлаш ортидан ёнғин чиққан. Ҳодиса чоғида ён-атрофдаги биноларга ҳам шикаст етгани айтилмоқда.
Гувоҳларга кўра, Париждаги Америка академиясининг олд тарафи қулаб тушган.
Воқеа жойига етиб борган ўт ўчирувчилар, полиция ва тиббиёт ходимлари одамларни қутқаришга киришишган.
Портлаш маҳаллий вақт билан соат 16.55 да содир бўлган. Ёнғинни ўчириш учун 200 нафардан зиёд ўт ўчирувчи жалб қилинган. Воқеа жойига яқин уйларда яшовчи кишилар эвакуация қилинган, квартал эса ўраб олинган.
Бешинчи округ Парижнинг энг кўҳна округларидан бири бўлиб ҳисобланади. Бу жой одатда сайёҳ билан гавжум бўлар эди. Жабрланганлар орасида хорижликлар бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.