Фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда
АОКАда Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тушунтириш берилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасига кўра, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
Конституцияга мувофиқ, жорий йилнинг 16 июнь куни “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.
Ушбу Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кам таъминланган шахсларга, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилган шахсларга ҳамда психиатрия ёрдами кўрсатилаётган шахсларга кўрсатилиши белгиланмоқда.
Қонунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш истагини билдирган шахс “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали электрон шаклда ёки махсус ваколатли давлат органига оғзаки ёки ёзма шаклда мурожаат қилиши мумкинлиги, шунингдек ишни кўриб чиқаётган ваколатли орган ёки мансабдор шахсга давлат ҳисобидан адвокат ажратилиши ҳақида илтмоснома бериши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Мазкур Қонунга асосан, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш имконияти яратилмоқда. Мазкур адвокатларни ишга жалб этиш инсон омилисиз “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали тасодифий танланади.
Маълумот учун: амалда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиши учун адвокат фақат жиноят ишлари бўйича суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан жалб этилади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар очиқ ва шаффоф ҳолда “Юридик ёрдам” ахборот тизимида эълон қилинади.
Бепул юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтирилиши ва шаффоф тизим яратилиши фуқароларга одил судловга эришиш даражасини оширади.