Беларусда Ми-24 русумли ҳарбий вертолёт қулаб тушди
Беларусда Ми-24 русумли ҳарбий вертолёт қулаши ортидан экипаж аъзолари жароҳатланган. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги маълумот тарқатди.
Вазирлик қайдича, ҳодиса 22 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 13:30 да Барановичи туманида содир бўлган.
Беларусь мудофаа вазирлиги вертолётнинг қулашини “дағал қўниш” деб атаган ҳамда экипаж аъзолари “тан жароҳатлари” олганини билдирган.
Вертолёт қулаган жойда ҳеч қанақа бино шикастланмагани ва ҳеч ким жабрланмаганини урғулаган вазирлик ҳодиса сабаблари комиссия томонидан аниқланаётганини қўшимча қилган.
Мудофаа вазирлиги вертолётнинг қайси мамлакатга тегишли эканига аниқлик киритмаган, бироқ “Беларуски Гаюн” телеграм-канали унинг Россия ҳарбий-космик кучларига тегишли экани ҳақида ёзди. Хабарда вертолётнинг Ивацевичи ва Барановичи аҳоли пунктлари ўртасидаги М1 трассаси атрофида қулагани айтилган.