Бой давлатлар иқлим дастури учун камбағалроқ мамлакатларга 100 миллиард доллар ажратади
Франция пойтахтида бўлиб ўтган саммитда бой давлатлар ривожланаётган давлатларнинг иқлим дастурларини молиялаштириш учун юз миллиард доллар ажратиш юзасидан келишувга эришишди.
Париж саммитида қирққа яқин мамлакат лидерлари иштирок этган бўлиб, улар орасида Африкадаги 20 га яқин давлат раҳбарлари, Хитой бош вазири ва Бразилия президенти кабилар бор. Улар кейинги икки йил учун «йўл харитаси» тузиш учун йиғилганлар. Бу «йўл харитаси» асосида бошқа масалалар қатори иқлим дастурларини молиялаштириш ҳам амалга оширилади.
Иқлим бўйича барча музокараларда карбонат ангидрид гази чиқарилишини глобал миқёсда қисқартириш мавзусига тўхталинган. Бироқ авваллари мамлакатлар бу борада конкрет чора-тадбирлар ва уларни молиялаштириш юзасидан муросага кела олишмаган.
Бундан ташқари, кейинги ўн йил ичида “оптималлаштириш ва катта хатарларга рўбарў бўлиши ҳисобига” ривожланаётган мамлакатларга берилажак мақсадли кредитлар ҳажми яна 200 миллиард долларга ошиши мумкин, дейилган саммитнинг Reuters агентлиги тасарруфида бўлган якуний баёнотида.
Карбонат ангидрид гази дохил парник газлари глобал исишнинг асосий омилларидан бири бўлиб ҳисобланади. 2015 йилдан 2022 йилгача бўлган давр кузатувлар тарихида энг иссиқ йиллар бўлган, бу йилларда Ер сайёрасидаги ўртача ҳарорат саноат давригача бўлган пайтдан 1,15°C га юқорилаган. Ҳароратнинг 1,5°C исишини олимлар хатарли деб билишади.
Олимлар иқлим ўзгариши об-ҳавога таъсир қилаётганини тасдиқлаганлар. Жаҳон миқёсида ҳароратнинг кўтарилиши сув тошқинлари, қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари, пўртаналар туриши, иссиқ ва совуқ ҳаво тўлқинларининг ёпирилиши каби экстремал об-ҳаво ҳодисалари кўпайиши ва кучайишига олиб келади. Табиий офатлар, ўз навбатида, одамлар ва ҳайвонларнинг ўлими ва миграциясига, уй-жойлар бузилиши ва инфратузилманинг емирилишига, экин майдонларининг пайҳон бўлишига сабаб бўлади.