Автоаварияга учраган Хива шаҳар ИИБ бошлиғи оғир аҳволда касалхонага ётқизилди
Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида 26 июнга ўтар кечаси 30 ёшли ҳайдовчи Damas автомашинасида шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Ботир Отажонов уриб кетган.
Маҳаллий нашрларнинг Хоразм вилояти ИИБ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса ортидан ИИБ бошлиғи оғир аҳволда касалхонанинг жонлантириш бўлимига етказилган.
Қайд этилишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси душанбага ўтар кечаси соат 00:10 ларда содир бўлган. Хива шаҳар ИИБ маъмурий биноси олдида Отажонов уриб юборган Damas ҳайдовчиси машинани ташлаб қочиб кетгани айтилмоқда.
Ҳодиса ортидан ўтказилган тезкор-қидирув ишлари натижасида ҳайдовчи яширинган жойидан топилган, текширув ортидан унинг маст бўлгани аниқланган.
Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига кўра, Хивадаги ЙТҲ юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.