Туркманистон: Гурбангули Бердимуҳамедов ўз шарафи учун тикланган Арқадағ шаҳрининг очилиш маросимида кўринмади
Туркманистонда 29 июнь куни давлат хазинасидан 5 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлаш эвазига қурилган Арқадағ шаҳрининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, маросимга бутун мамлакатдан бюджет ташкилотларида ишлайдиган юзлаб туркманистонлик олиб келинган.
Туркманистоннинг амалдаги президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг отаси ҳамда собиқ президент бўлган Гурбангули Бердимуҳамедов таваллуд кунида ўз шарафига “Арқадағ” деб номланмиш шаҳарнинг очилиш тантаналарида иштирок этмаган. Очилиш маросимига Арқадағнинг ўғли, амалдаги президент Сердар Бердимуҳамедов мезбонлик қилган.
Туркманистондаги илк “ақлли шаҳар” деб аталаётган Арқадағ шаҳри Ахал вилоятининг Гўкдепе этрапида – пойтахт Ашхобод жанубий-ғарбидан 30 километр нарида жойлашган. Ахал вилоятининг маъмурий марказига айланган мазкур шаҳар қурилиши 2019 йилнинг апрель ойида бошланган эди.
Хабарларда шаҳарнинг очилиш тантаналарида “кўплаб хорижлик меҳмонлар” иштирок этгани айтилган, бироқ уларнинг шахсига аниқлик киритилган эмас.
Пайшанба куни Арқадағ шаҳрида уюштирилган тадбирда қатнашган меҳмонлар орасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бўлмаган, бироқ у 29 июнь куни 66 ёшга кирган “Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов” билан телефон орқали мулоқот қилиб, таваллуд куни билан қутлаган.
Туркманистон дунёдаги энг ёпиқ ва авторитар сиёсат юритилаётган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади. Фойдали қазилмаларга бой бўлган, бироқ шахсга сиғиниш авж олган бу мамлакатда кўп йиллардан буён аҳоли турмушида салбий акс этмиш иқтисодий инқироз кузатилаётганига қарамай, янги шаҳар қурилиши учун миллиардлаб доллар маблағ сарфланган.