Ҳиндистонда оғир ҳолатга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
Ўзбекистон элчихонаси ходимлари нотаниш ва шубҳали шахсларнинг ёлғон ваъдалари таъсирида Ҳиндистонга келиб мураккаб ҳолатга тушиб қолган О.Т. исмли шахс ватанга қайтарилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Маълум қилинишича, 2021 йил июнь ойида Тошкент-Деҳли йўналишидаги самолётда келган О.Т.нинг шахсий ҳужжатларини унга мўмай даромадли иш ваъда қилган кимсалар олиб қўйган. Кейин у турли таҳдид ва қўрқитишлар орқали ноқонуний фаолият тури билан шуғулланишга мажбур қилинган.
Ҳиндистон полицияси рейдларида қўлга тушиб, ҳибсга олинган ҳамда бошқа кўплаб нохуш воқеаларни бошидан кечирган юртдошимиз Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиши билан унга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатиш бўйича тезкор чоралар кўрилди.
Хусусан, юртдошимизни ватанга қайтариш мақсадида элчихона дипломатлари Ҳиндистоннинг тегишли идоралари билан мазкур ҳолат юзасидан расмий музокаралар ўтказдилар.
Куни-кеча О.Т. Деҳли-Тошкент ҳаво қатнови билан ватанга етиб келди.