Олмазор туманида шикаст етказилган дарахтлар бўйича ўрганиш ишлари прокуратурага юборилган — Экология вазирлиги
Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри, Олмазор тумани «Чилғутон» МФЙда дарахтлар қасддан қуритилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Экология вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
«Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси Олмазор тумани бўлими давлат инспекторлари томонидан мурожаат ўрганилди.
Ўрганиш натижасида «AIRPORT HOUSE BUILDERS» МЧЖга тегишли бўлган ҳудудда жами 19 туп манзарали дарахтларга қасддан қуритиш мақсадида зарар етказилганлиги аниқланди.
Тошкент Ботаника боғи хулосасига кўра, дарахтлар қуриш ҳолатига келиб қолган. Натижада Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарорининг 4-иловасига асосан ўсимлик дунёсига 1 миллиард 97 миллион 184 минг сўм зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Тегишли ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида прокуратура органларига юборилган», дейилади муносабатда.