Россияда ҳайдовчилик қилувчи ўзбекистонлик эркак 18 ёшли қизни зўрлади
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида таксичилик қилувчи ўзбекистонлик эркак Невский туманида яшовчи 18 ёшли қизни зўрлашда айбланмоқда. Бу ҳақда «Фонтанка» хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат 2023 йил 3 сентябрдан 4 сентябрга ўтар кечаси, ярим тунда содир бўлган. Невский туманида яшовчи мижоз ярим тунда такси хизматига буюртма берган. Ўзбекистонлик эркак жигарранг Hyundai Solaris автомобилида қизни уйига элтиб қўймоқчи бўлган.
Жабрланувчининг таъкидлашича, бошида ҳаммаси жойида бўлган ва эркак машинани оҳиста ҳайдаган. Қиз орқа ўриндиқда ухлаб қолган. Бундан фойдаланган эркак қизни машинанинг олд ўриндиғига ўтказган ва эшикларни қулфлаган. Жабрланувчи 2 соатлардан сўнг қочишга муваффақ бўлган.
Шундан сўнг, у 4 сентябр куни эрта тонгда Жанелидзе номидаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий-тадқиқот институтига мурожаат қилган.
Шифохона ходимлари полицияга хабар берган. Маълум бўлишича, қизнинг ўзи ҳам «112» ягона хизматига телефон орқали боғланган.