Тошкент шаҳридаги шифохонада бемор вафот этди
Ижтимоий тармоқларда Учтепа туманидаги 3-сонли болалар шифохонасида шифокорларнинг лаёқатсизлиги сабабли бемор вафот этгани, муассасада тиббий жиҳозлар ва дори-дармонлар етарли эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, ушбу воқеа жорий йилнинг январь ойида юз берган бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилиб, унинг натижаси бўйича жавобгарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
Шаҳар 3-сон болалар клиник шифохонаси моддий-техник базаси босқичма-босқич янгиланмоқда. Хусусан, 2017 йил Япония гранти асосида болалар жонлантириш бўлими 11 турдаги тиббий жиҳозлар билан таъминланган.
Ўз навбатида, Хитой, Туркия давлатлари грантлари ҳамда “Саломатлик-3” лойиҳаси асосида кувезлар, ИВЛ аппаратлари, беморлар учун функционал ва болалар кроватлари, ингаляторлар, биохимик ва гематологик анализаторлар, центрефуга, микроскоп, автоклав, қурутувчи шкаф, дистилятор, бидистилятор, дозаторлар, ЭКГ ва ЭЭГ аппаратлари келтириб ўрнатилган.
2020 йилда физиотерапия бўлими 11 турдаги физиотерапевтик аппаратуралар билан жиҳозланган. Ўз навбатида рақамли рентген, доплер – УТТ аппаратлари, коагулограф, ярим автомат биохимик анализатор харид қилинган.
Шунингдек, шифохонада 2023 йил учун дори-дармон харидига 2 млрд 101 млн. сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Бу 2017 йилга нисбатан 3 баробар юқори кўрсаткич.
2022 йил январь ойида муассасанинг “В” биноси жиҳозланган ҳолда фойдаланишга топширилиб, беморларга қулай шарт-шароитлар яратилган. Ёрдамчи бинода қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.