Қозоғистоннинг 5 нафар 20 миллионинчи фуқаросига $4,3 минг берилади
14 ноябр куни эрталаб Қозоғистонда бирданига беш нафар 20 миллионинчи фуқаро дунёга келди, деб хабар бермоқда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Улитау, Жетису, Атирау, Акмола ва Туркистон вилоятларида деярли бир вақтнинг ўзида уч ўғил ва икки қиз туғилган. Қайд этилишича, сўнгги беш йилда мамлакат аҳолиси 8,8 фоизга ошган.
“2022-йилда мамлакатда 410 минг бола туғилган бўлса, жорий йил бошидан буён 339 650 нафар бола дунёга келган”, дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
Энди Қозоғистоннинг барча 20 миллионинчи фуқароси махсус туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва 2 миллион тенге (4,3 минг доллар)лик уй-жой учун сертификатга эга бўлади.
“Биз уларга ҳар бирининг номинал қиймати 2 миллион тенге бўлган совға сертификатини берамиз. Бу сертификат шунчаки совға эмас, бу ёруғ келажакка йўлланма. Ушбу маблағлар ўз уйингизни сотиб олиш йўлидаги биринчи қадам бўлади. Бу болаларнинг ота-оналари ўз шаҳридаги банк филиалига келиб, ўзларининг шахсий гувоҳномаси ва боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини кўрсатиши керак. Бунинг учун уч ой муҳлат берилган”, дейди “Отбасй Банк” АК бошқаруви раиси Ляззат Ибрагимова.