Инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир
Андижон давлат университетида гендер тенглик ҳамда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда педагог аёллар ҳамда талаба қизларга кун тартибидаги мавзу юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.
Семинарда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьялари Н.Шарипова, Б.Турдиев сўз олиб, мамлакатимиз Конституциясига кўра, демократия умумий принципларга асосланиши, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, шунингдек, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги хусусида ўз-фикр мулоҳазаларини баён этдилар.
Тадбирда мамлакатимизда қонунчиликни мустаҳкамлаш йўли билан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими йилдан йилга такомиллаштириб борилаётганлиги қайд этилди. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари хусусида ҳаётий мисоллар асосида сўз юритилиб, улардан ҳимояланиш борасида тавсиялар берилди. Жумладан, иштирокчилар жабрланувчилар тегишли органларга ёки судга мурожаат этишлари, бепул ҳуқуқий маслаҳат, шунингдек, ижтимоий-психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдамларни олиш каби ҳуқуқларга эга эканлиги, шу билан бирга, жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, яъни тазйиқ ўтказаётган ёки зўравонлик содир этган шахсга таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўлувчи ҳужжат – ҳимоя ордери бериш тартиблари юзасидан тушунчаларга эга бўлдилар.