ДАРДГА ДАРМОН ҚАЙДАДИР?.. (ёхуд «бемор қариб қопти, муллага ўқита қолинглар»)
Россиянинг Новоалтайск шаҳрида фаолият юритаётган жарроҳ асл башарасини кўрсатиб қўйди. У оғир аҳволда касалхонага олиб келинган 68 ёшли беморни кўриб қўйишдан бош тортди ва деди: «Бемор қариб қопти, мулла чақириб ўқита қолинглар!..»
Беморни олиб келган қизи айтдики, отаси йўталар, қон тупурар, аҳволи жуда аянчли эди. Жарроҳ эса ҳаммасини кўриб туриб ҳам олдинига беморни саволга тута бошлади. Касаллик тарихини суриштиришга тушди. Энсаси қотган аёл отаси жавоб бера олмаслигини айтиб зорланди.
— Кўриб турибсиз-ку, дўхтир, отам оғир аҳволда. Саволларга жавоб қайтарадиган ҳоли йўқ. Мана, мендан сўранг, мен гапириб берай!
Жарроҳ аёлга шундай ёмон қарадики, бу қарашини кўрса илон пўст ташларди. Ва зардали оҳангда аёлнинг сўзини кесди:
— Мен сиз билан эмас, бемор билан гаплашяпман! Тилингизни тийинг!..
Бемор ошқозон яраси билан оғриган экан. Касалхонадагилар ҳануз унинг аҳволи оғир эканини айтишмоқда. Жарроҳ эса тергов қўмитаси тарафидан сўроқ қилинмоқда. Яқин орада ушбу факт юзасидан жиноий иш қўзғатилса керак. Тўғри қилишади. Гиппократ қасамига хиёнат қилувчи қўштирноқ ичидаги дўхтирларни бу соҳадан буткул ҳайдаб солиш лозим.
Астағфирилло!!!.