Наманганда "Hyundai" ишлаб чиқарадиган автомобиль русумлари маълум бўлди
![Наманганда](https://nuz.uz/uploads/posts/2018-05/medium/1527230085_f3caba2c4521161bd50175424e3b837a0525.jpg)
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида ҳудудда йирик ишлаб чиқариш саноати йўқлигини, яқин келажакда бу ерда ҳам автомобиль заводи қуриш лойиҳаси амалга оширилишини таъкидлаганди. «Халқ сўзи»нинг вилоят мухбири берган хабарга кўра, Корея Республикасининг "Evergreen Motors Group" компанияси президенти Ким Чанг Кён лойиҳа бўйича амалий музокаралар ўтказиш учун Наманган вилоятига ташриф буюрган дея ёзмоқда Халқ сўзи нашри Вилоят ҳокимлигида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон — Корея Республикаси ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликнинг бугуни ва истиқболлари хусусида сўз борди. Учрашув доирасида ташкил этилган тақдимот маросимида вилоятда “Hyundai” юк автомобиллари ва автобусларни йиғиш заводи” қуриш лойиҳаси тўғрисида маълумот берилди. Унга кўра, Намангандаги корхонада юк кўтариш сиғими 1 тоннадан 50 тоннагача бўлган юк автомобиллари ва шаҳар ичида қатновчи, шаҳарлараро ҳамда сайёҳлик русумидаги, ўлчами 9 — 12 метрли автобуслар ва махсус транспорт воситалари йиғилади. Дастлаб, кунига 8-20 ва йилига 1000 та автомобиль ишлаб чиқарилади. Уч йил ичида бу кўрсаткич 3 мингтага етказилади, яъни мингта автобус ва 2 мингта юк машинаси ишлаб чиқарилади. Аввалига эҳтиёт қисмлар Корея Республикасидан келтирилса, маҳаллийлаштириш дастури асосида уч йил мобайнида эҳтиёт қисмларни босқичма-босқич шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Лойиҳа ишга туширилиши билан 1000 га яқин иш ўрни яратилса, келажакда бу кўлам 6 мингтага етказилиши режалаштирилмоқда. Делегация аъзолари автомобиль заводи қурилиши учун тавсия қилинаётган майдонлар ва у ердаги шароитлар билан танишди