Очиқ мулоқот руҳида
ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида «Ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган ички ишлар органлари фаолиятига тааллуқли материалларга ҳуқуқий муносабат» мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда вазирликнинг таркибий тузилмалари раҳбарлари ва масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди. Матбуот анжуманини кириш сўзи билан очган ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи – Ички ишлар вазирининг матбуот котиби, полковник Ш. Гиясов жорий йилнинг 9 ойи давомида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида гапириб, мавзу юзасидан берилган саволларга жавоб қайтарди. Таъкидлангандек, Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ва янгича ёндашувлар асосида ички ишлар органларини аҳолига яқинлаштириш орқали жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали амалга ошириш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашга, ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида, сифатли ёрдам кўрсатадиган профессионал тузилмага айлантириш ҳамда фуқароларнинг уларга бўлган ишончини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Матбуот анжуманида амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, 2019 йилнинг 9 ойи давомида республикада содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8899 тага ёки қарийб 26 фоизга камайишига эришилгани таъкидланди. Республикамизда мавжуд 9116 та маҳалланинг 4518 тасида умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. – Матбуот анжуманини ташкил этишдан мақсад сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ турли хилдаги ахборот материаллари тарқалиши натижасида ОАВ вакиллари ва фуқароларимизда пайдо бўлаётган бир қатор саволларга жавоб беришдан иборат, – деди полковник Ш. Гиясов. Шундан сўнг тадбирда иштирок этган журналист ва блогерларнинг саволларига вазирликнинг раҳбар ва масъул ходимлари жавоб беришди. Очиқ мулоқот, ўзаро фикр алмашиш руҳида кечган матбуот анжуманида ўртага ташланган таклиф ва мулоҳазалар ИИВ раҳбарияти томонидан тўлақонли ўрганиб чиқилиши, келгусида бу каби тадбирлар мунтазам ташкил этиб борилиши таъкидланди.