Амирликлар Қатар билан келишувлар назорати учун АҚШдан ёрдам сўради
Қатар билан унинг Форс кўрфазидаги қўшнилари ўртасида можарога барҳам беришга қаратилган бирор келишувга эришиладиган бўлса, Қўшма Штатлар билан Европа Иттифоқи уни “кафолатлаш” учун мониторинг қилиб бориши зарур, деди Бирлашган Араб Амирликлари вакили.
5 июнь куни юзага келган танглик ортидан Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Миср ва бошқа мамлакатлар Қатарни экстремизмни қўллаб-қувватлашда айблаб, у билан дипломатия алоқаларини узди.
Амирликларнинг ташқи ишлар давлат вазири Анвар Қарқаш 24 июнь куни «Қатар эктремизм ва террорчиликни қўллаб-қувватлашдан воз кечса, можарони дипломатия йўли билан ҳал қилиш мумкинлиги»ни айтди.
«Агар Қатар ақл била иш тутса...» Доҳа билан келишувни амалга ошириш учун «бизга кафолат ва назорат тизими керак бўлади», деди у.
Дипломатиннг фикрича, бунинг учун «Европа ва Американинг кафолати» даркор.
«Бизга Европанинг воситачилиги керак эмас. Европаликларнинг воситачи бўлишга кўзи учиб тургани йўқ, деб ҳисоблайман. Улар Қатарга босим ўтказишининг ўзи кифоя», деди Қарқаш.
БАА, Саудия Арабистони, Миср, ва Баҳрайн 22 июнь куни Қатарга Кувайт воситачилигида 13 банддан иборат талаблар рўйхатини топширди. Улардан бирида «Ал-Жазира» телекомпаниясини ёпиш шарт қилиб қўйилган. Ушбу мамлакатлар талабларни бажариш учун Қатарга 10 кун муҳлат берди.
Рўйхатда Доҳанинг Эрон билан ҳар қандай алоқаларни узиши ва Туркиянинг ҳарбий-ҳаво базасини ёпиш талаблари ҳам бор.
Бундан ташқари, ўша талаблар рўйхатида Қатар қўйилаётган талабларни бажариши учун 10 йиллик назорат механизмини яратиши ҳам таклиф қилинмоқда.
Қарқаш олдинроқ Ғарб мамлакатлари, жумладан, Қўшма Штатлар, Франция, Германия ва Британияни Доҳа билан эришиладиган битимлар бажарилишини кузатишда ёрдам беришга даъват қилган эди.
24 июнь куни Қатар вакиллари ушбу талабларни «ножўя» деб атади.
– Талаблар рўйхати Қатар аввалбошдан айтиб келаётган нарсани тасдиқлайди: ноқонуний қамал террорчиликка қарши курашни англатмайди. Бу Қатарнинг суверенитети – эгаменлигини чеклаш, ташқи сиёсатимизни юритишни бошқаларга топишириб қўйишдан бошқа нарса эмас», – деди ушбу мамлакат ҳукуматининг жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси раҳбари Шайх Саиф ат-Таний.
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 25 июнь куни ушбу мамлакатнинг Қатардаги ҳарбий-ҳаво базасини ёпиш талабини ҳурматсизлик деб баҳолади. Чунки у Саудия Арабистонида ҳам, Қатарда ҳам ҳарбий база очишни таклиф қилганида, расмий Ар-Риёз ҳеч қандай жавоб қайтармаган.
Қарқаш ўз мамлакати ва бошқа иттифоқчилар Қатарда «режимни ўзгартириш»ни эмас, унинг раҳбарияти «хатти-ҳаракатларини ўзгартириш»ни истамоқда.
– Муқобил йўл вазиятни чигаллаштириш дегани эмас. Муқобил йўл – йўллар айри тушиши дегани, – деди у. – Шерикларимиздан бири экстремизм ва террорчилик кун тартибини қўллаб турганда… бир жамоа бўлиб ҳаракат қилишимиз жуда қийин.
Давлат департаменти 23 июнь куни эълон қилинган талаблар рўйхатига ҳеч қандай изоҳ бермади, аммо Оқ Уй ўзини можародан четга олаётган кўринади. Унинг вакили можарони араб давлатлари ўзи ҳал қилиши керак бўлган «оилавий масала» деб атади.
Қатарда АҚШ Марказий қўмондонлигининг Ал-Удейд олд ҳарбий базаси жойлашган. Ушбу базадан нафақат Сурия, қолаверса, Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар кузатиб борилади. У ерга АҚШнинг 10 мингдан ошиқ ҳарбий хизматлари жойлаштирилган.