БМТ тинчлик сақлаш харажатларини 570 миллион долларга камайтирди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 30 июнь куни тинчликни сақлаш учун харажатларини 600 миллион долларга қисқартиришга розилик берди. Бунга Қўшма Штатларнинг дастурни қисқартириш хусусида таклиф бергани сабаб бўлди.
Бир неча кун давом этган музокаралардан сўнг Ассамблеянинг қудратли бюджет қўмитаси 1 июлдан бошланадиган йилга мўлжалланган 14 та тинчликни сақлаш амалиётига 7,3 миллиард долларилк маблағ ажратилишига рози бўлди. Бу жорий йилдаги 7,87 миллиард долларлик бюджетдан 570 миллион доллар камдир.
АҚШ элчиси Никки Ҳалей ўз мамлакати ушбу масалада ғалаба қозонганини маълум қилди.
– Бу ерга келганимизга беш ой бўлишига қарамай, БМТнинг тинчликни сақлаш маблағларини ярим миллиард долларга қисқартиришга эришдик, ишимиз энди бошланяпти, – деди у.
Вашингтон тинчликни сақлаш учун сарфланадиган маблағларнинг 28,5 фоизини, БМТ 5,4 миллиард долларлик асосий бюджетининг 22 фоизини қоплайди. Айни пайтда БМТнинг бутун дунёдаги тинчлик сақлаш миссияларида 95 минг нафар ҳарбий хизматчи иштирок этмоқда.
Қўшма Штатлар ҳар сафар мандатини янгилаш олдидан харажатларни қисқартириш учун ҳар бир тинчликни сафлаш миссиясини бирма-бир кўздан кечиради.
БМТ ҳам худди шу тариқа харажатларни таҳлилдан ўтказади. Унинг натижаси ўлароқ, 30 июнь куни Кот д’Ивуардаги тинчликни сақлаш миссияси тўхтатилди, Нигериядаги миссия келаси йили ниҳоясига етади, Гаитидаги миссия эса октябрда тамом бўлади.
БМТ яна Дарфурдаги тинчликни сақловчи ҳарбий хизматчиларини 44 фоиз, ўша ердаги халқаро полиция таркибини, тахминан, 27 фоиз қисқартирмоқда.
Тинчликни сақлаш харажатлари бўйича музокаралар энди бошланганда, БМТ уларни ошириб, 8 миллиард долларга етказмоқчи эди, аммо Қўшма Штатлар 7 миллиард доллардан ҳам камайтиришни таклиф қилди.
Италиянинг БМТдаги доимий вакили Себастиано Кардининг маълум қилишича, 7,3 миллиард долларлик бюджет Европа Иттифоқи истаган миқдорга яқин бўлди.
– Ушбу қарордан қониқиш ҳосил қилдик, – деди у. Унинг фикрича, бюджет қисқартирилиши БМТ миссияларини амалга оширишни хавф остига қўймайди, аксинча, “тинчликни сақлаш иши”ни яхшилайди.
БМТ воизи Стефан Дюжаррик, “бюджетнинг жами миқдори ўтган йилгидан камроқ бўлди, аммо биз вазифалар бажарилиши учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз”, – деб айтди.
БМТ бош котиби Антонио Гутерреш Вашингтон шаҳрида уч ҳафта давомида парламент аъзолари билан учрашувлар ўтказди. Унинг мақсади БМТга АҚШ президенти Дональд Трамп Конгрессдан сўраганидан кўпроқ маблағ ажратишга кўндириш эди.
– Тинчлик ва барқарорликка эришиш учун тинчликни сақлаш ишига кам аҳамият беришимиз мумкин эмас, – деди Дюжаррик. – У халқаро можароларнинг олдини олиш ва мустаҳкам тинчликка эришиш йўлида ҳамжамият қўлидаги харажатлардан энг самарали фойдаланиш воситаси бўлиб қолмоқда.