АВСТРАЛИЯДА УЛКАН ИЛОН МУШУКНИ ТИРИКЛАЙ ЮТИБ ЮБОРДИ…
Бу воқеа Австралиянинг Квинсленд штатига қарашли Саншайт-Кост туманида содир бўлди. Шу ерда яшовчилар икки метрли илон кўча юзида ётганини кўриб қолишди. Илоннинг қорни шишиб кетганди. Илон овловчилик билан шуғулланувчи Стюарт Маккензи исмли эркакнинг гапига қараганда, илон каттароқ нарсани ютган-у, уйқуга кетган.
— Илон мушук ютганига юз фоиз ишонгандим, — деди илон овловчи. — Буни амалда исботладим ҳам…
Маккензи гапини исботлаш учун илонни ветеринарга олиб борди. У ерда илоннинг ички аъзоларини сканердан ўтказишди. Илон овловчи ҳақ экан. Илон ўша ердаги уйларнинг биридан чиққан мушукни тутиб тириклай ютган экан. Илон овловчи жониворни аҳоли яшаш пунктидан узоқроққа олиб борди-да, ўрмон ичкарисига қўйиб юборди.
2017 йили Австралияда худди шундай улкан илон кенгуруни тириклай ютганди. Кенгурунинг соф вазни 40 килограммга тенг эди.