Тайланддаги хунрезлик туфайли жабр кўрганлар сони ортди. 20 киши ҳалок бўлди…
Шу ҳақда Тайланд соғлиқни сақлаш вазири, доктор Анутхин Чанвиракун расман маълум қилган. Вазир айтдики, хунрезлик оқибатида яраланганлар сони 31 кишига етган. Уларнинг аксарияти оғир аҳволда. Яраланганлар учун етарлича донор қони йиғилди. Агар кейинчалик бу ҳам камлик қилса, шахсан вазир етакчилигида фуқароларга мурожаат этилади.
Махсус хизмат ташкилоти жангчилари Накхонратчасима шаҳрида жойлашган «Терминал-21» савдо марказидан юзлаб одамларни хавфсиз жойларга етказишда яқиндан ёрдам кўрсатишган. Полициячилар эса яқин орада ҳужум бошланиши муносабати билан телеканаллар раҳбарларига кўрсатувлар вақтинча тўхтатиб турилиши лозимлигини айтишган.
Эслатиб ўтамиз, 8 феврал куни Томма исмли мамлакат қўшинлари аскари командирини ва яна икки ҳарбийни ўлдириб, «Жип» автомобилини ўғирлаб қочган. Аввалига шаҳар кўчаларидан бирида тўхтаб, ўткинчиларни винтовкадан ўққа тутди. Сўнгра «Терминал-21» савдо марказига борди. Аскар гранатомёт билан ҳам қуролланган экан. Аввалига бинони гранатомётдан ўққа тутди. Кейин ичкарига кириб бориб ўнлаб одамларни гаровга олди. Ичкаридагиларни энди винтовкадан ўққа тутди.
Айтишларича, аскар ҳарбий лагердан қочаётиб, қурол билан бирга жами 700 та патрон ҳам олган. У қуролдан отиш бўйича тенгсиз, кўплаб отиш бўйича мусобақаларда ғолиб бўлган экан.
Полициячилар орадан маълум вақт ўтиб ҳужум ёрдамида Томмани қўлга олишни мўлжаллашди. Ҳужум давомида улар тўрт қаватли савдо маркази биноси ичкарисини титкилаб ташлашди. Лекин Томмани ҳам, у гаровга олган фуқароларни ҳам топа олишмади.
Қидирув давом этмоқда.